Умумтаълим мактабларида шахмат хоналари ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 9-августдаги «Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан юртимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилган эди.

Хусусан мазкур қарорга асосан республикамизнинг турли ҳудудларидаги 150 та умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитиш йўлга қўйилди.
Жисмоний тарбия ва спорт, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан республикамиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида шахматга ўқитишни босқичма-босқич қамраб олиш, юқори малакали мураббий кадрларни тайёрлаш, шахмат клублари ва умумий ўрта таълим мактаблари шахмат синфларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича режали ишлар амалга оширилмоқда.​

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини шахматга янада қизиқтириш, уларга шарт-шароит яратиш мақсадида умумтаълим мактабларида шахмат хоналари ташкил этилмоқда. Шундай хоналардан бири Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 13-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ташкил қилинди. Ушбу муассасада бугунги кунда 2400 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, улардан 50 нафардан ортиғи шахмат спорт клубига жалб қилинган.

Умумтаълим мактабларида бундай хоналарнинг ташкил этилиши ҳам ёшларимиз орасида шахмат ихлосмандлари сонининг янада ортишига хизмат қилади.

minsport.uz